Урганчда уч ҳудуд дзюдочилари қўшма ўқув-машғулот йиғини ўтказмоқда
14 янв 13:08 Ko'rildi: 1 marta
Шу кунларда Урганч шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасида дзюдо бўйича 2001-2004 йилларда туғилган ёшлар ва қизлар ўртасида қўшма ўқув-машғулот йиғини бўлиб ўтмоқда.
20 январга қадар давом этадиган ушбу йиғинда Хоразм вилоятининг барча ҳудудларидан йиғилган умидли ёшлар билан биргаликда қўшни Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Навоий вилояти дзюдочилари, қолаверса Яккама-якка кураш спорт турларига ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби спортчилари ҳам иштирок этяпти.
Йиғиндан кўзланган асосий мақсад, аввало республикамизда дзюдо спорт турини янада ривожлантириш, ўсиб келаётган ёш авлодни қитъа ва жаҳон чемпионатлари, Осиё ҳамда Олимпия ўйинларида давлатимиз байроғини юқорига кўтариш, Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибига иқтидорли спортчиларни етказиб бериш, ёш дзюдочиларнинг малакасини ошириш, чекка қишлоқларда кучли дзюдочиларни саралаб олишдан иборат.