Kirish | A`zo bo`lish (Bepul)
Reklama:
Омонатга хиёнат
Буюк омонатга хиёнат қилманг!"
Аллоҳ таоло инсон зотини азизу мукаррам қилиб яратган. Унинг шаънини улуғлаб, ер юзидаги барча нарсаларни унинг манфаати учун пайдо қилди. Инсоннинг шаъни, молига, жони ва насабига тажовуз қилишга олиб келадиган барча ишларни ман қилиб қўйди. Бу ҳақда муқаддас манбаларимизда шундай дейилади. Қуръони каримнинг “Бақара” сураси 195-оятида шундай марҳамат қилинади: “Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз”.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти берган баёнотга қараганда, ҳар йили 800 мингдан ортиқ киши ўз жонига қасд қилар экан. Минг афсуслар бўлсинки, сўнги пайтларда ёшларимиз ўртасида ҳам ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Ўз жонига қасд қилиш оғир гуноҳлиги тўғрисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир нечта ҳадиси шарифларида таъкидлаганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Ким тоғ тепасидан ташлаб, ўзини-ўзи ўлдирса, ўлгандан сўнг жаҳаннамда (ўзини тоғни тепасидан ташлаб) шу хил азоб билан абадий азобланади. Ким заҳар ичиб ўзини-ўзи ўлдирса, жаҳаннамда доимо қўлида заҳар ичишлик билан шу азобга дучор бўлади. Ким ўзини темир парчаси билан ўлдирса, ўша кимса темир парчаси қорнига суқилган ҳолда жаҳаннам ўтида абадий қолади”, дедилар. Бошқа бир ҳадисда: “Ўзини-ўзи буғиб ўлдирган киши дўзахда ҳам шу хилдаги азобга қолади ва ким ўзини олов билан ўлдирса дўзах оловида ҳам ўзини ҳудди шундай азобга солинади” — дейилган.
Демак, инсон бу синов дунёда бошига келадиган қийинчилик ва машаққатларга бардош бера олмай умр деб атлаган буюк омонатига хиёнат қилиши улкан гуноҳ бўлиши билан бирга муаммонинг ечими ҳам бўлмас экан. Аксинча муаммо устига ундан ҳам оғир оқибатларга сабаб бўлади.
“Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, қолган ўн беши ёруғ”. Сабр билан, тўғрилик билан синовлардан ўтиш эса инсонни камолот сари етаклайди.
Яратган барчамизнинг умримиз узоқ, иймонимиз мустаҳкам ва савобли амалларимиз кўп бўлишини насиб айласин!

Ислом Мухетдинов
Manba:Xabarlar.Ru
Joyladi: BiG*ViRuS)) | Vaqti: 27.04.2019 / 23:34 | O'qilgan: 230 | Izohlar: (0)
Яндекс.Метрика Statok.net