Kirish | A`zo bo`lish (Bepul)
Reklama:
Xalol odamlar
Икки дунё саодати деган гап бор. Бир қараганда,
шунчаки, қулоқнинг ташидан ўтиб кетадиган ибора.
Лекин чуқурроқ аҳамият берсангиз, унда одамнинг
мазмунли, тўла-тўкис умрини ифода этадиган маъно
борлигини англайсиз. Чунки ғанимат дамларини
елга совурмаган, имонини саломат сақлаб, ўзининг
ва Яратганнинг олдида юзи ёруғ бўлган ҳалол
одамгина икки дунё саодатини топади. Бундай
кишиларни кунда, кунора учратасиз, бир ҳаводан
нафас оласиз. Уларни ажратиб олиш қийин эмас, –
юзларида нур, кўзларида хотиржам қатъият ва
қаноат акс этади.
Динимиз мудом покликка, яхшилик ва ҳалолликка
чақиради. Ҳалолликнинг энг муҳим шарти кўзни ва
кўнгилни тўқ тутиш, тўғриликни ҳаётнинг асос
мезони деб билишдир. Бу нарса сўзга, касб-корга,
одамларга ва умуман, дунёга бўлган муносабатда
кўринади. Эски ривоят ва ҳикоятлар ёки ҳаётий
эсдаликларни ўқиганда баъзан ҳайратда қоламан.
Одамлар ҳеч қандай хат-ҳужжатсиз, биргина
лафзга таяниб, бир-бирига молу жонини ишониб
кетаверган. Масалан, кимгадир омонат
қолдирилса, эгаси келгунга қадар ўн йилми,
йигирма йилми бус-бутун сақлаган. Агар ҳақдор
келмаса, омонати унинг бола-чақалари,
авлодларига берилган. Ёки бошқа бир мисол.
Кимдир Аллоҳни гувоҳ қилиб гапирса, ундан бошқа
тафсилотлар сўраб ўтирилмаган, ҳамма ишонган.
Аллоҳга қасам қилган киши ҳам, минг шукрки,
ёлғон сўзламаган. Бу каби мисолларни яна кўплаб
келтириш мумкин.
Ҳалоллик билан боғлиқ ибратли воқеалар кундалик
ҳаётимизда тез-тез учраб туради. Маҳалламизда
Қосим ака деган содда, самимий киши бор. Шу
одам ўн йилча олдин косибдан ўғлига туфли олибди.
Бир пойини ўлчабдию кўтариб келаверибди. Уйга
келиб қараса, нариги пой туфлининг ичига бир
тахлам пул тиқиб қўйилган экан. Туришидан, косиб
бошқа бир пойабзални сотгану шошилинчда
пулини шу туфлига солган. Қосим тоға: “Худо
бераман деса, ҳеч нарса эмас экан-да”, деб текин
ақчани секингина чўнтакка урса ҳам бўлаверарди.
Ҳеч ким кўргани йўқ, биров маломат ҳам қилмайди.
Лекин бунга ички ҳимоя – ҳалоллик йўл қўймайди.
Қосим ака келаси бозор пулни қайтариб олиб
боради. Косиблар бой савдогарлар эмас,
тирикчиликлари ўртамиёна. Шу сабаб битта
туфлининг пули сезиларли қийматга эга. Бечора
косиб қайтиб келган меҳнат ҳақини кўриб, ҳайратга
тушади, тили айланмай қолади. Ҳалол харидорга
қайта-қайта раҳматлар айтиб: “Косибчилик билан
боғлиқ қанақа ишингиз бўлса, тўғри келаверинг,
бир тийин олмайман”, деб миннатдорчилик
билдиради. Бу воқеани эшитиб, чин кўнгилдан
қувонасиз, кейин эса ҳалоллик ҳайратланарли
ишга айланиб қолганидан ҳайратга тушасиз.
Шавкатли шоиримиз Шавкат Раҳмон:
...фақат яхши бўлмоқ жудаям камдир,
Жуда камлик қилар яшамоқ ҳалол,
деб ёзганди. Инсон мукаммалликка ёлғиз ҳалоллик
билан етиша олмаслигини таъкидлайди шоир.
Ҳақиқатан, бунинг учун одамийлик, меҳр-шафқат,
самимият, жасорат, адолатпарварлик ва ҳоказо
хусусиятлар зарур. Бироқ бу каби эзгу фазилатлар
фақат ва фақат ҳалол одамларда бўлади.
Бир домламиз яҳудийларнинг ибратли бир одатини
айтиб берганди. Улар болаларининг онгига: “Сен
яҳудийнинг фарзандисан, ҳаммадан ақллисан ва
шундай бўлишинг керак”, деб сингдирар экан.
Охир-оқибат болада ўзига ишонч шаклланар, бу
нарса ҳаётда унга жуда қўл келар экан. Бизнинг
халқимиз ҳам тарбияга жуда катта эътибор беради,
болаларига аввал-бошдан оқ-қорани танитиб, йўл-
йўриқ кўрсатиб боради. Ана шу жараёнда
ҳалолликка янаям кўпроқ урғу бериши даркор.
Фарзандига фойда-зарардан дарс бераётган ота
ҳалоллик нималиги, энг биринчи ўринда ана шу
ўлчов билан ҳисоблашиш зарурлигини ўргатиши
керак: “Болам, сен мусулмоннинг, ўзбекнинг
боласисан. Тўғри бўл, ҳалол бўл, юзинг ёруғ
бўлади!”
Ёруғликни фақат ҳалол одамлардан кутиш керак.
Чунки ҳақиқий ватанпарварлик, жасорат, одиллик,
раҳмдиллик, фидойилик, меҳнатсеварликка ҳалол
одамларгина қодир.
Муаллиф: Ориф Толиб
Manba:Xabarlar.Ru
Joyladi: Guccifer | Vaqti: 21.11.2013 / 09:05 | O'qilgan: 761 | Izohlar: (0)
Яндекс.Метрика Statok.net